Masa Jalan (0.01792 saat)
#461

Tafsiran ( Al-Baqarah 266 ) dalam Uzbek oleh Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Сизлардан бирортангиз остидан анҳорлар оқиб турган хурмозор ва узумзор, турли мевали боғи бўлатуриб, ёши бир жойга етганда, заифҳол зурриёти бор пайтда унга ўтли бўрон келиб ёниб битишини хоҳлайдими?! Аллоҳ сизларга шу тариқа Ўз оятларини баён қиладир, шоядки фикр юритсангиз. (Аллоҳнинг йўлда қилинган садақа худди дарахтлари остидан шарқираб сувлар оқиб турган хурмозор ва узумзор, турли мевали боққа ўхшайди. Боғдан ҳаммага фойда–кўрган ҳам, кирган ҳам, еган ҳам ҳурсанд. Худди шунингдек, Аллоҳ йўлида қилинган садақа берганни ҳам, олганни ҳам, билганни ҳам хурсанд қилади. Ҳаммага ўз даражасида фойда етказади. Ана шундай олиймақом боғу бўстони бор одам шу боғнинг ўтли бўронда куйиб тугашини, хусусан, ёши бир жойга етиб, қўлидан бир иш келмай қолган чоғида, унинг қўлига қараб турган заифҳол зурриётлари бор чоғида шундай бўлишини хоҳлайдими? Албатта, йўқ. Аллоҳ йўлида садақа қилган одам ҳам гўё ўшандай боғу бўстонга эришган бўлади. Садақаси кетидан миннат этса ва озор етказса, худди ўтли бўрон билан боғини куйдиргандек бўлади. Садақасининг савоби қолмайди.) ] - Tafsiran ( Al-Baqarah 266 )

[ أَيَوَدُّ أَحَدُكُمْ أَنْ تَكُونَ لَهُ جَنَّةٌ مِنْ نَخِيلٍ وَأَعْنَابٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ لَهُ فِيهَا مِنْ كُلِّ الثَّمَرَاتِ وَأَصَابَهُ الْكِبَرُ وَلَهُ ذُرِّيَّةٌ ضُعَفَاءُ فَأَصَابَهَا إِعْصَارٌ فِيهِ نَارٌ فَاحْتَرَقَتْ كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمُ الْآيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَتَفَكَّرُونَ ] - البقرة 266

#462

Tafsiran ( Al-An'am 133 ) dalam Uzbek oleh Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Ва Роббинг беҳожат ва раҳмат соҳиби бўлган зотдир. Агар хоҳласа, худди сизларни бошқа қавмлар зурриётидан пайдо қилганидек, сизларни кетказиб, ортингиздан нимани хоҳласа, ўринбосар қилиб келтирадир. (Аллоҳ таоло раҳмат соҳиби бўлган зот. Одамларнинг бу дунёда юришларининг ўзи ҳам Аллоҳнинг раҳматидан. У Ўз раҳматини Ўзи хоҳлаган бандаларига беради. Ҳозирги пайтда яшаб турган одамларни аввал ўтган кишилар зурриётидан пайдо қилганлиги ҳам ҳаммага маълум. Яъни, Аллоҳ Ўзи хоҳлаб шундай қилган. Бандаларга ҳожатмандлигидан эмас. Шунингдек, ҳозирги авлод одамларига ҳам ҳеч қандай ҳожати йўқдир. Агар Аллоҳ хоҳласа, бу авлодни ҳам кўтариб, йўқ қилиб, ўрнига Ўзи хоҳлаган нарсани келтира олади. Демак, Аллоҳ бандаларга эмас, бандалар Аллоҳга ҳожатманддирлар. Улар ўзларининг дунёга келишларида Аллоҳга ҳожатманд бўлганлари каби, бу дунёда яшашларида ҳам, ҳар лаҳзада, ҳар нарсада ҳожатманддирлар. Аллоҳ эса, Ўз раҳмати ила уларнинг ҳожатларини раво қилади. Аллоҳнинг бандаларига нисбатан раҳматининг энг юқори чўққиси, уларга Пайғамбарлари орқали дин–шариат юбориши. Динга юрмаганлар ўша олий мақом неъматдан юз ўгирганлар бўладилар. Ўзларига ёмонлик қиладилар. Қиёматда ҳоллари ёмон бўлади.) ] - Tafsiran ( Al-An'am 133 )

[ وَرَبُّكَ الْغَنِيُّ ذُو الرَّحْمَةِ إِنْ يَشَأْ يُذْهِبْكُمْ وَيَسْتَخْلِفْ مِنْ بَعْدِكُمْ مَا يَشَاءُ كَمَا أَنْشَأَكُمْ مِنْ ذُرِّيَّةِ قَوْمٍ آخَرِينَ ] - الأنعام 133

#463

Tafsiran ( Al-Ahzab 29 ) dalam Uzbek oleh Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Агар Аллоҳни ва Унинг Расулини ва охират диёрини ирода қиладиган бўлсангиз, бас, албатта, Аллоҳ сизлардан гўзал амал қилгувчиларга улуғ ажрни тайёрлаб қўйган», деб айт. (Ушбу икки ояти кариманинг нозил қилинишига Расули Акрам (с. а. в.) билан у кишининг тоҳира аёллари орасида ўтган ҳодиса сабаб бўлган. Ушбу икки оятдаги буйруққа биноан Пайғамбаримиз (с. а. в.) ҳар бир аёлларига ёки бу дунё ҳаёти ва унинг зийнатини, ёки Аллоҳ, унинг Расули ва охиратни ихтиёр қилишини сўраб чиқишлари керак эди. У зоти бобаракот бу ишни Ойиша онамиздан бошладилар. Расулуллоҳ (с. а. в.) Ойиша онамизга: «Мен сенга бир ишни айтаман. Шошилмасдан, ота-онанг билан маслаҳат қилиб жавоб бергин», дедилар. Ойиша онамиз: «У қандай нарса?» дедилар. Пайғамбар (с. а. в.): «Эй Пайғамбар, жуфти ҳалолларингга...» оятини ўқиб бердилар. Ойиша онамиз: «Сиз ҳақингизда ота-онам билан маслаҳат қиламанми?! Йўқ! Мен Аллоҳни ва Унинг Расулини ихтиёр қиламан, дедилар. Кейин Расулуллоҳ (с. а. в.) барча жуфти ҳалолларига икки ихтиёрдан бирини танлашга изн бердилар, ҳаммалари Ойиша онамиз танлаган тарафни танладилар.) ] - Tafsiran ( Al-Ahzab 29 )

[ وَإِنْ كُنْتُنَّ تُرِدْنَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَالدَّارَ الْآخِرَةَ فَإِنَّ اللَّهَ أَعَدَّ لِلْمُحْسِنَاتِ مِنْكُنَّ أَجْرًا عَظِيمًا ] - الأحزاب 29

#464

Tafsiran ( Al-A'raf 143 ) dalam Uzbek oleh Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Мусо мийқотимизга келиб, Робби унга гапирганида, У: «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, сенга назар солай», деди. У зот: «Мени ҳеч кўра олмассан. Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деди. Робби тоққа тажаллий қилганида, уни титилган ҳолга келтирди ва Мусо ҳушидан кетиб йиқилди. Ҳушига келгач: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман», деди. (Башар фарзанди тарихидаги тенги ва ўхшаши йўқ ҳодиса. Робб ила банданинг учрашуви. Бутун оламларни яратган Зот билан ўша оламларнинг кичик бир заррасининг юзлашуви. Бу учрашув тафсилотини ва қандай ҳолда рўй берганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Биз эса, Қуръонда зикр этилгани билан кифояланамиз, холос. Эҳтимол ушбу учрашув келажакдаги машаққатларни енгиб ўтиш учун Мусога (а. с.) қувват ва сабот манбаи бўлар. Эҳтимол шунинг учун учрашувдан бурун қирқ кун ҳамма нарсани тарк этиб, чилла ўтириб алоҳида ҳозирлик кўрилгандир. Вақти-соати етиб, учрашув ўз вақтида, белгиланган жойда содир бўлди. Бу учрашув араб лафзида «мийқот», яъни, исми замон ва исми макон бўлиб ва учрашув вақти ва замони маъносини билдиради.) ] - Tafsiran ( Al-A'raf 143 )

[ وَلَمَّا جَاءَ مُوسَى لِمِيقَاتِنَا وَكَلَّمَهُ رَبُّهُ قَالَ رَبِّ أَرِنِي أَنْظُرْ إِلَيْكَ قَالَ لَنْ تَرَانِي وَلَكِنِ انْظُرْ إِلَى الْجَبَلِ فَإِنِ اسْتَقَرَّ مَكَانَهُ فَسَوْفَ تَرَانِي فَلَمَّا تَجَلَّى رَبُّهُ لِلْجَبَلِ جَعَلَهُ دَكًّا وَخَرَّ مُوسَى صَعِقًا فَلَمَّا أَفَاقَ قَالَ سُبْحَانَكَ تُبْتُ إِلَيْكَ وَأَنَا أَوَّلُ الْمُؤْمِنِينَ ] - الأعراف 143

#465

Tafsiran ( An-Nahl 106 ) dalam Uzbek oleh Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно, ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор. (Мушриклар саҳобалардан Аммор ибн Ёсир (р. а.) ва у кишининг оталари Ёсир (р. а.) ҳамда оналари Сумаййаларни (р. а.) ҳам тутиб келиб, диндан қайтариш учун қаттиқ азобладилар. Улар азобларга чидам билан сабр қилиб, иймонларидан қайтишга кўнмадилар. Сумаййанинг (р. а.) икки оёқларини қозиққа боғлаб, аврат жойларига найза санчдилар. Сўнгра Амморнинг отаси Ёсирни (р. а.) ҳам ўлдирдилар. Бу икки улуғ инсон–эру хотин Ислом йўлида, иймон учун биринчи шаҳидлар бўлиш шарафига эришдилар. Амморнинг кўз ўнгида ҳам онасини, ҳам отасини ўлдирган мушриклар уни ҳам ўлдиришга қасд қилганларида унинг оғзидан кофирларни рози этадиган гап чиқди. Шунда мушриклар уни ўлдирмадилар. Одамлар Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аммор муртад бўлди», дедилар. Бунга жавобан Расулуллоҳ (с. а. в.): «Йўқ! Аммор бошидан товонигача иймонга тўлиқдир. Иймон унинг этига ҳам, қонига ҳам сингиб кетгандир», дедилар. Сўнг ушбу оят нозил бўлди.) ] - Tafsiran ( An-Nahl 106 )

[ مَنْ كَفَرَ بِاللَّهِ مِنْ بَعْدِ إِيمَانِهِ إِلَّا مَنْ أُكْرِهَ وَقَلْبُهُ مُطْمَئِنٌّ بِالْإِيمَانِ وَلَكِنْ مَنْ شَرَحَ بِالْكُفْرِ صَدْرًا فَعَلَيْهِمْ غَضَبٌ مِنَ اللَّهِ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ ] - النحل 106

#466

Tafsiran ( Al-Anbiyaa 30 ) dalam Uzbek oleh Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми? (Ояти карима маъноси хусусида тафсирчилар бир неча хил маънолар айтганлар. Биринчиси, Ибн Умар ва Ибн Аббослардан (р. а.) ривоят қилинган бўлиб, осмон ёпиқ эди, Биз уни очдик ва ёмғир-қор ёғдирдик, оқибатда ўша сув ила ҳамма тирик нарсалар пайдо бўлди, деган маъно чиқади. Иккинчиси, унга кўра осмонлару ер йўқ эди, уларни Биз яратдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик, маъноси бўлади. Учинчиси, Ҳасан, Қатодалардан (р. а.) ривоят қилинган бўлиб, осмонлару ер бир-бирига битишган бир нарса эди, уларнинг орасини Биз очдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик, маъноси бор. Тўртинчиси ҳозирги замон баъзи тафсирчиларнинг фикрлари бўлиб: осмону ер, юлдузлару қуёш ҳамма-ҳаммаси бир бутун эди, Аллоҳнинг иродаси ила кўп айланиш ва ички портлашлар оқибатида парчаланиб, алоҳида-алоҳида бўлиб кетди: қуёш алоҳида, ер алоҳида, ой алоҳида, юлдузлар алоҳида ва бошқа нарсалар ҳам; сувдан эса, барча тирик нарсалар, инсон, ҳайвон ва набототлар пайдо қилинди. Булар, ояти кариманинг маъносини тушунишга уринишдир. Оятнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳнинг Ўзи билади.) ] - Tafsiran ( Al-Anbiyaa 30 )

[ أَوَلَمْ يَرَ الَّذِينَ كَفَرُوا أَنَّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ كَانَتَا رَتْقًا فَفَتَقْنَاهُمَا وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاءِ كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ أَفَلَا يُؤْمِنُونَ ] - الأنبياء 30

#467

Tafsiran ( Al-Ahzab 37 ) dalam Uzbek oleh Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Эсла, сен Аллоҳ неъмат берган ва сен ҳам неъмат берган шахсга: «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил», дер эдинг. Ва ичингда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани махфий тутардинг ва одамлардан қўрқардинг, ҳолбуки, Аллоҳдан қўрқмоғинг ҳақлироқ эди. Қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо этгач, Биз сени унга уйлантирдик. Токи мўминларга ўз асранди болалари хотинларида улардан ҳожатларини адо қилишгач, танглик бўлмасин, деб. Ва Аллоҳнинг амри амал қилиниши лозим бўлгандир. (Аллоҳ таоло Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) кўнгилларига Зайд Зайнабни талоқ қилганидан кейин унга уйланиш ниятини солган эди. Аниқ амр бўлмаган эди-ю, аммо кўнгилларига тушган эди. Шунинг учун Зайдга (р. а.) «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур», деб айтаётганларида, хаёлларида бу фикр бўлиб, Аллоҳдан амр келишини кутардилар. У зот одамлар, ўзининг асранди ўғли талоқ қилган хотинга уйланибди, деб айтишларидан қўрқар эдилар. Расули Акрам ушбу мулоҳазалар билан Аллоҳ кўнгилларига солган ишни–Зайд талоқ қилганидан кейин Зайнабга уйланиш ниятини махфий тутар эдилар. Таъкидлаб айтиш керакки, бу фақат кўнгилга тушган фикр эди. Агар Аллоҳнинг очиқ-ойдин амри бўлса, ҳеч қачон махфий тутмас эдилар. Шундай бўлиши керак эди. Аллоҳ таолонинг иродаси шу эди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Зайнаб бинти Жаҳшни (р. а.) Пайғамбаримизга (с. а. в.) ўзи никоҳлаб қўйди. Бу ерда валий ҳам, маҳр ҳам, гувоҳ ҳам йўқ. Ҳаммасининг ўрнига Аллоҳнинг амри бор.) ] - Tafsiran ( Al-Ahzab 37 )

[ وَإِذْ تَقُولُ لِلَّذِي أَنْعَمَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَأَنْعَمْتَ عَلَيْهِ أَمْسِكْ عَلَيْكَ زَوْجَكَ وَاتَّقِ اللَّهَ وَتُخْفِي فِي نَفْسِكَ مَا اللَّهُ مُبْدِيهِ وَتَخْشَى النَّاسَ وَاللَّهُ أَحَقُّ أَنْ تَخْشَاهُ فَلَمَّا قَضَى زَيْدٌ مِنْهَا وَطَرًا زَوَّجْنَاكَهَا لِكَيْ لَا يَكُونَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ حَرَجٌ فِي أَزْوَاجِ أَدْعِيَائِهِمْ إِذَا قَضَوْا مِنْهُنَّ وَطَرًا وَكَانَ أَمْرُ اللَّهِ مَفْعُولًا ] - الأحزاب 37

#468

Tafsiran ( Al-Hajj 5 ) dalam Uzbek oleh Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Эй одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз, бас, Биз сизга баён қилишимиз учун сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра алақадан, сўнгра битган-битмаган бир чайнам гўштдан яратдик. Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топдирамиз. Кейин сизларни бувак ҳолингизда чиқарамиз. Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қиламиз). Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада тубан умрга етадиганлар ҳам бор. Ва ерни қақраган ҳолда кўрасан. Қачонки, Биз унга сув туширсак, у сесканар ва кўпчир. Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстирадир. (Сизнинг отангиз Одамни тупроқдан яратганмиз. Инсон йўқ эди. У отасининг нутфа-спермасидан дунёга келди. Оддий кўзга кўринмас ушбу маний ҳайвончалар билан баркамол инсон орасида қанча фарқ бор?! Ана шу заррадан одам яратган Холиқ Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?! Қуръони Каримда «алақа» деб номланган босқичдаги ҳомила зулукдек бачадонга ёпишиб туриши маълум бўлди. Алақанинг суврати ҳақиқий зулук билан солиштирилса, уларни фарқлаб бўлмайди. Хўш, ўша зулукка ўхшаш қотган лахта қон билан инсон орасида қанча фарқ бор? Ҳомила ривожланиб, алақа-лахта қон шаклидан бир парча чайналган гўшт ҳолига ўтади. Ана ўшанда унга шакл киради. Шакл кирса, битган бўлади. Шакл кирмаса, битмаган бўлади, бачадондан тушиб кетади. Ҳеч ким уни эсламайди ҳам. Энди, ўша бир парча чайналган гўштга ўхшаш нарса билан инсон орасида қанча фарқ борлигини бир ўйлаб кўрайлик? Ўша гўштдан инсон яратган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!) ] - Tafsiran ( Al-Hajj 5 )

[ يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنْ كُنْتُمْ فِي رَيْبٍ مِنَ الْبَعْثِ فَإِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ تُرَابٍ ثُمَّ مِنْ نُطْفَةٍ ثُمَّ مِنْ عَلَقَةٍ ثُمَّ مِنْ مُضْغَةٍ مُخَلَّقَةٍ وَغَيْرِ مُخَلَّقَةٍ لِنُبَيِّنَ لَكُمْ وَنُقِرُّ فِي الْأَرْحَامِ مَا نَشَاءُ إِلَى أَجَلٍ مُسَمًّى ثُمَّ نُخْرِجُكُمْ طِفْلًا ثُمَّ لِتَبْلُغُوا أَشُدَّكُمْ وَمِنْكُمْ مَنْ يُتَوَفَّى وَمِنْكُمْ مَنْ يُرَدُّ إِلَى أَرْذَلِ الْعُمُرِ لِكَيْلَا يَعْلَمَ مِنْ بَعْدِ عِلْمٍ شَيْئًا وَتَرَى الْأَرْضَ هَامِدَةً فَإِذَا أَنْزَلْنَا عَلَيْهَا الْمَاءَ اهْتَزَّتْ وَرَبَتْ وَأَنْبَتَتْ مِنْ كُلِّ زَوْجٍ بَهِيجٍ ] - الحج 5

#469

Tafsiran ( Al-Baqarah 259 ) dalam Uzbek oleh Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Ёки шифтлари устига қулаган қишлоқдан ўтган кишига ўхшашни кўрмадингми? У: «Аллоҳ буни ўлимидан кейин қандай тирилтиради?» деди. Бас, Аллоҳ уни юз йил ўлдирди, сўнгра қайта тирилтирди. У зот: «Қанча ётднг?», деди. У: «Бир кун ёки бир куннинг баъзисича ётдим», деди. У зот: «Балки юз йил ётдинг, таомингга ва шаробингга назар сол, ўзгаргани йўқ ва эшагингга ҳам қара. Сени одамларга ибрат қилиш учун шундай қилдик. Ва суякларга назар сол, уларни қандоқ ҳаракатга соламиз ва уларга қандоқ гўшт кийгизамиз», деди. Унга равшан бўлганда: «Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирлигини билдим», деди. (Демак, ўша киши Аллоҳ таолонинг ҳар бир нарсага қодир эканига шубҳа билан қарарди. Шунда Аллоҳ таоло унга, ўлган нарсаларни қандай қилиб тирилтиришини тушунтириб ўтирмади-да, у банданинг ўзини тажриба қилиб қўя қолди: «Бас, Аллоҳ уни юз йил ўлдирди, сўнгра қайта тирилтирди». Бўлиб ўтган воқеани тушуниб етиш учун Аллоҳ унга: «Қанча ётдинг?» деди». У одам ўзининг қанча ётганини қаердан билсин. Вақтни сезиш тирик, ҳаёт нашидасини суриб турган кишиларга хос хусусият. У бўлса, юз йил ўлиб ётди. Бунинг устига, ҳис-туйғу одамни алдайди ҳам. Шунинг учун: «У: «Бир кун ёки бир кунининг баъзисича ётдим», деди». Ўзининг билганича жавоб берди. Ўзининг юз йил ўлиб ётиб, яна қайта тирилгани унга бир кун ёки бир кундан ҳам озроқ ётгандай бўлиб кўринди. Бу ҳолати ўзига тасдиқлатиб олингандан сўнг, бўлган ишнинг ҳақиқати унга айтилди: «Балки юз йил ётдинг», дейилди.) ] - Tafsiran ( Al-Baqarah 259 )

[ أَوْ كَالَّذِي مَرَّ عَلَى قَرْيَةٍ وَهِيَ خَاوِيَةٌ عَلَى عُرُوشِهَا قَالَ أَنَّى يُحْيِي هَذِهِ اللَّهُ بَعْدَ مَوْتِهَا فَأَمَاتَهُ اللَّهُ مِائَةَ عَامٍ ثُمَّ بَعَثَهُ قَالَ كَمْ لَبِثْتَ قَالَ لَبِثْتُ يَوْمًا أَوْ بَعْضَ يَوْمٍ قَالَ بَلْ لَبِثْتَ مِائَةَ عَامٍ فَانْظُرْ إِلَى طَعَامِكَ وَشَرَابِكَ لَمْ يَتَسَنَّهْ وَانْظُرْ إِلَى حِمَارِكَ وَلِنَجْعَلَكَ آيَةً لِلنَّاسِ وَانْظُرْ إِلَى الْعِظَامِ كَيْفَ نُنْشِزُهَا ثُمَّ نَكْسُوهَا لَحْمًا فَلَمَّا تَبَيَّنَ لَهُ قَالَ أَعْلَمُ أَنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ ] - البقرة 259